Навбатдаги манзил Фарғона шаҳри. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Фарғона шаҳрига қилган ташрифи чоғида бир неча йиллардан буён муаммоли ҳудуд ҳисобланган Абдулла Қодирий мавзесида бўлди. Кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш бўйича РК-3 қозонхонасида олиб борилган ишлар билан танишиб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 10 январдаги ПҚ-4565-сон қарорига асосан Фарғона вилоятида 2020 йилда умумий қиймати 67,8 млрд.сўм бўлган 2 та иссиқлик таъминоти лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Жумладан, “Фарғона шаҳри РК-3 марказий қозонхонасини модернизация ва реконструкция қилиш” объекти учун 22,3 млрд.сўм маблағ ажратилиб, қурилиш таъмирлаш ишлари якунланди. Бугунги кунда давлат қабул далолатномаси расмийлаштирилмоқда.
2021 йил 1 январ ҳолатига 21,7 млрд.сўм (йиллик режага нисбатан-97%) миқдорида маблағлар молиялаштирилди ва 23,3 млрд.сўм (йиллик режага нисбатан-105%) миқдорда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилишига эришилди. Олиб борилган ишлар натижасида 1 та марказий қозонхона, 1 та қозон, 8 та замонавий насос ускуналари ўрнатилди ҳамда реконструкция қилинди.
Аҳамиятлиси, мазкур ишларни амалга ошириш натижасида 351 та кўп квартирали уй ҳамда 22 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти яхшиланди. Шунингдек, жами 203 та кўп қаватли уйлар ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик билан таъминланиши кутилмоқда.
Вазир мутасадди раҳбарларга мазкур объектни сақлаш ҳамда ундан оқилона фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.